Янгиликлар

ТАКЛИФ ВА МУРОЖААТЛАР ТИНГЛАНДИ

43-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасининг масъул вакиллари ҳамда туман ҳокими Шерзод Раҳмонов тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқаролар билан учрашув ўтказди.
Мутахассислар фуқароларга қандай кредит турларидан фойдаланиш самаралироқ, тадбиркорликни тўлиқ йўлга қўйиш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида тушунча бердилар.

МАҚСАД – ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

Туман ҳокими Шерзод Раҳмонов тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар хонадонларига бориб суҳбатлашди.  Мақсад – уларни қўллаб-қувватлаш, амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.
Суҳбат чоғида ўз хонадонида уч қаватли мослаштирилган бино қуриб, аҳолига стоматология хизмати кўрсатишни режалаштирган фуқаро ҳовлини нотураржой сифатида рўйхатдан ўтказиш ҳамда ускуна сотиб олиш учун кредит сўраб мурожаат қилди. Ушбу муаммолар тегишли мутасаддилар ёрдамида ҳал этилди.

КЎРГАЗМАЛИ СЕМИНАР

Туман “Агросервис” МТП МЧЖда  қишлоқ хўжалик техникаларини мавсумга тайёргарлиги юзасидан кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Семинарда барча туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда соҳага алоқадор ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар. Культиватор, чигит экиш сеялкалари ва бошқа техникаларнинг ҳозирлиги иштирокчилар томонидан кўздан кечирилди.

 

 

ТАРҒИБОТ-ТАШВИҚОТ ИШЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

Куни кеча хабар қилганимиздек, аҳолининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ис газидан заҳарланиш ва бошқа салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари давом этмоқда. 
Бугун ҳам соҳа вакилларидан иборат тадбир иштирокчилари умумтаълим мактаблари, бозорлар,  ижтимоий соҳа объектларида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бордилар. Тадбирлар доимий равишда ўтказилиши режалаштирилган.

 

 

КАРВОНСАРОЙ БАРПО ЭТИШ ТАКЛИФИ

 “BEST TRAVEL”  МЧЖ Ўзбекистон аҳолиси ва хорижий туристларнинг мамлакат бўйлаб сафарини юқори сифат даражасида янги хизмат кўрсатувчи тизимни шакллантириш бўйича лойиҳа ишлаб чиққан. Бугун туманимизга ташриф буюрган МЧЖ раҳбари Жўрабек Суюнов ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти кафедра мудири, иқтисод фанлари доктори, профессор Искандар Тўхлиевлар Нарпайда туризмни шакллантириш юзасидан лойиҳалар таклиф этишди. 

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM