Зиёратгоҳлар

Ҳазрати Кўк - ота зиёратгоҳи тарихи

 

         Нарпай замини узра савлат тўкиб турган сервиқор Зирабулоқ тоғларининг бағрини макон айлаган кўҳна тарихимизнинг бир неча минг йиллик сир-синоатларига гувоҳ бўлган мўйсафид Қоратоғнинг қаршисида, ўткир ақл ва тафаккур соҳиби бўлмиш инсон зотининг ақли ожизлик қилади.

         Ана шундай косонлик авлиёлардан бири бўлган Нарпай заминида мангулик остонасига бош қўйган илм оламида “Кўк-ота” мақомига эришган Ҳазрат Абу Қусам шайх ибн Саид Аҳмад ан-Насафийдир. Имом сартахтининг вориси бўлмиш ушбу авлиёни Нарпайликлар ҳурмат эҳтиром ила “Кўк-ота” ёки “Авлиё-ота” дейишади.

         Юқоридаги атамалар авлиё ҳазрат Саид Аҳмад Насафийнинг диний уламолар тарафидан берилган куниясидир. Бу улуғ зот тахминан 1419-1420 йиллар оралиғида Косон туманида Ҳазрат Абу Саид Аҳмад Насафийнинг падарибузруквори Абу Қусам шайх обрў-эътибори баланд, энг зукко ва билимдон шайхлардан саналган. Айрим диний уламолар Абу Қусам шайхни Саид Муҳаммад ибн Жалолиддин Баҳовуддин Нақшбандийнинг пири деб билишади.

         Ҳазрат Қусам шайх ўша имомлар сафидан ўрин олган. Саид Аҳмад Насафий болалигидан илмга ташна бўлганлиги боис дастлаб отасининг тарбиясида камол топади. Сўнгра косонлик дин илмининг моҳир билимдонларига шогирд тушиб, Қуръон, Ҳадис, Фикҳ, Тавҳид ва бошқа кўплаб илмларни мукаммал ўзлаштиради. У милодий 1455 йилда Нарпай туманининг ҳозирги Кўк-ота қишлоғига (қадимги Тоткент мавзеси) кўчиб келади. Ҳозирги Кўк-ота жомеъ масжидида сақланаётган китобларнинг бирида “Сауд мавзе Кўк ато алайҳир роҳима”, деб ёзилган битик бор, Бу ерда Сауд атамасидан мурод, яъни, Араблар мавзеси демоқчи.

         Кўк оталик диний уламолар Авлиё отанинг ота авлоди, яъни ҳазрат Қусам шайхнинг бобокалонлари Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳнинг авлодидан бўлганликларини таъкидлашди. Ҳозирги Кўк-ота қабристонида Ҳазрат Қусам шайхнинг бир неча авлод вакилларининг сағаналари мавжуд. Кўк-ота хўжалар қабристони Кўк-ота жомеъ масжидининг ортида жойлашган. Мазкур қабристонда ўнлаб улуғ хўжаларнинг, мўтабар қориларнинг ва қозиларнинг қабрлари бор. Бундан ташқари, ўзбек халқининг оташин шоири Бухоралик Садриддин Айнийнинг мактабдош дўсти Турдихўжанинг “XVIII асрда яшаб ўтган шоир”, бир неча ислом таълимотига доир асарлар муаллифи Барот Ҳокисорнинг ҳам уйғоқ руҳлари Кўк-ота қабристонида ором топган. Кўк-ота қабристонининг умумий майдони ўн саккиз гектарни ташкил этади. Кўк-ота жомеъ масжидининг атрофида сўлим боғлар ташкил топган. Азон айтиш учун баланд минора ва масжид олдида ҳовуз бор. Ҳовуз ёнида бақувват чинорлар бўлиб, уларнинг остига сўрилар ўрнатилган.

         Бундан ташқари, масжиднинг супасида ёши икки юз йилга яқин бўлган “Баобоб” дарахти бор. Айтишларича, бу ноёб дарахтни Саудия Арабистонига Ҳаж сафарига борган ҳожилар олиб келиб экишган. Бу қутлуғ қадамжога турли вилоятлардан келган зиёратчилар аввал масжид ҳовлисини, сўнгра эса масжид ортидаги кенг йўлак орқали қабристоннинг этак қисмидан ўрин олган Ҳазрат Саид Аҳмад Насафийнинг хонақасига боришади.

         Авлиё отанинг мақбараси қўшкулоҳлик гумазсимон шаклда бунёд этилган. Бир-бирига туташ мақбаранинг бирида (шимолий қисмида) Саид Аҳмад Отанурнинг муборак қабрлари бор. Ушбу мақбаранинг баландлиги ердан томигача 3 метр. 12 м. 13 см. Энига эса 5 м 35 смдан иборат. Мақбаранинг ғиштлари мана шу ерда махсус хумдонларда пишириб, бунёд этилган. Шу ўринда бир нарсани ёдда тутиш керакки, Кўк-ота жомеъ масжиди ва Саид Аҳмад отанинг мақбараси қабристонда мавжуд бўлган ер ости хонақоҳлари бир даврда барпо этилган. Бундай ер ости қабрлари дастлаб ўндан зиёд бўлган.

         Ҳозирда учтаси сақланиб қолган. Бу ер ости қабрларининг устки кўриниши 1936-1940 йиллар оралиғида шуролар томонидан кўмиб ташланган.

         Авлиё отанинг равзаий мунаввара даҳмасининг кириш қисмида, яъни эшикнинг пештоқида авлиё отанинг ўлимига оид деворий битиклар мавжуд. Битиклар араб ҳуснихатида бўлсада, аммо, тили форсийда битилган. Тарихий ёзма манбаларда жамият ҳаётида содир бўлган буюк воқеалар, уруш, исён, иншоотлар, тарихий обидаларнинг қурилиши ва машҳур шахсларнинг туғилган вақти ёки қазо қилган санаси шунингдек, асарларнинг ёзилган ёки кўчирилган вақтлари абжад ҳисобида берилган. Ҳазрат Саид Аҳмад Отанурнинг ҳам вафот этган санаси ҳам шу асосда ифодаланган.

         Деворлардаги ёзувлар турли даврларда ёзилган бўлиб, ҳадислардан, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматларидан ва Ҳазрат саид Аҳмад отанинг ўлими тарихига оид бўлган форсий намуналардан ташкил топган. Бироқ, ҳозир ёзувларнинг айримлари ўқиб бўлмас ҳолатга келиб қолган.

         Саид Аҳмад ан-Насафий 1491 йилда вафот этган. Дастлаб Кўк-ота дафн этилган жойда, аниқроғи қабр атрофи тошдан тўртбурчак шаклда даҳма қилинган. Унинг баландлиги бир метрга яқин бўлган. Даҳманинг ҳар тўрт томонида 90х90 ўлчамдаги тошлар бўлиб, тошларнинг четлари ўйиб нақшланган. Нақшинкор тошлар эса қабрнинг устидан энсиз, яъни, бир кўрпачадек узунликдаги тўртбурчак тошни кўтариб турган. Афсуски, ушбу тош қабрлар даврлар ўтиши билан бузилиб кетган. Кўк-отани зиёрат қилиш учун юртимизнинг барча вилоятларидан зиёратчилар келишади.

      Собиқ тузум даврида харобага айланган кўк-ота зиёратгоҳи мустақиллик шарофати билан обод ва кўркам масканга айланди.

 

“Хўжакарзон ота” зиёратгоҳи тарихи

         Тарихшунос А.К.Богадуховнинг таъкидлашича, Корзануронинг жасади унинг номи билан аталадиган қабристонга қўйилган. Ёзиб қолдирилган манба ва ривоятларда у киши кўркам бўйли, кучли, довюрак, ҳарбийча таълим ва эътиқодга эга бўлган паҳлавон шахс сифатида таърифланади. Бу ердаги сағананинг бўйи 9 метрга тенглиги ҳам Корзануро дароз одам бўлганига ишорадир.

         ХIХ асрнинг ўрталарида бунёд этилган мақбаранинг илк қурилмаси бир хонали ва уч гумбазли бўлган. Бу хилдаги уч гумбазли мақбаралар қурилиши Хожа Абду Дорун ва Дониёр пайғамбар мақбарасида ишлатилган.

         Мезжах конидаги Шамун Наби мақбараси ҳам худди шу тартибда тикланган. Бироқ, у етти гумбаздан иборат.

      Юқоридаги қиёслар Хожа Қосим Корзануро мақбараси бирмунча юксак даражадаги санъат қурилмаси эканлигидан далолатдир. Бинонинг топилган ғишт девори мақбаранинг дастлабки меъморий ҳолатини кўрсатиб туради. Шунингдек, изланишлар давомида тарихий обиданинг ғарбий томонида тўрт устунли кўркам айвони ҳам бўлгани аниқланган.

         “Бобурнома” китоби ҳамда “Донишнома” рўзномасининг 1998 йил 27 февралдаги сонида биз қуйида баён қилувчи фикр берилган. Эмишки, Бобурнинг пири Хожа Аҳрор Валийнинг ўғли Хожа Яҳё ўз ўғиллари билан ҳаж сафарига отланганида тахминан Каттақўрғондан ўтгач, Шайбонийхон айғоқчилари томонидан қатл этилган. Шу жой ҳозир Нарпай туманининг “Хўжакарзон” қишлоғига тўғри келади.

         1826 йилда Амир Ҳайдар оламдан ўтгач, қисқа йиллар ичида унинг фарзанди Амир Ҳусайн заҳарланади. Амир Умархўжа ўлдирилади. Бу суиқасдлар асосан, Амир Насуруллонинг тахтга ўтириши билан боғлиқ таҳликалар эди. Шубҳа йўқки, ўз акаларининг қотилига айланган амирнинг салтанат тепасида қолиши эл бошига қатор қийинчиликлар келтиради. Деярли ҳар ойда 50-100 киши ҳақ-ноҳақ бошидан жудо қилинади. Амир қанчалик қаттиқ қўл бўлмасин, унинг салтанати секин-аста емирилиб боради. Шу тариқа Бухоро салтанати бўлиниб, кичиклашиб кетди.

         1860-1882 йилларда Насуруллонинг ўғли ва меросхўри Амир Музаффар ер-мулкидан маҳрум бўлиб, русларга қарам бўлиб қолади. Ҳозирги Нарпай туманида жойлашган қишлоқлар катта-катта бўлишига қарамай, душман билан юзма-юз жанглар талафотсиз ўтмасди. Шундай синовли онларда Ҳожа Қосим Корзануро сингари довюрак эл фарзандлари ўз қишлоғи, элати шон-шуҳрати учун рус аскарлари билан беаёв курашга отланишган.

         Ривоят қилишларича, Қосим Корзануро ниҳоятда довюрак бўлиши билан бирга, тенгсиз куч-қудрат соҳиби ҳам бўлган. Хотини рус аёли эди. Жангу жадалларда ёв ўқлари унинг қалқонли кийимига тегиб тўкилган, аммо танасига зарар етказмаган. Кейинчалик рус саркардалари Хожа Қосимдаги бу хислат сирини хотини орқали билиб олишга уринишган. Ватанпарвар паҳлавоннинг боши жойнамоз устида саждага етиб турган фурсатда хотини томонидан пичоқ санчиб ўлдирилади. Чунки уни ўлдиришнинг бундан бошқа чораси бўлмаган. Шу тарзда “Хожа Корзан”, яъни “Хотини пичоғидан ўлдирилган” ёхуд “пичоқлаб ўлдирилган Хожа” талқинидаги номлар бора-бора эл тилида Хўжакарзон атамасининг юзага келишига асос бўлган.

         Бугуни кунда “Хўжакарзон” мақбараси қабристоннинг жанубий-ғарбий йўналишида ўзига хос кўрк ва салобат намойиш этиб турибди. Чамбаракли, кетма-кет зинапоялар зиёратчиларни тўғридан-тўғри бу буюк аждодимиз мақбараси томон бошлаб боради.