Оммавий ахборот воситалари

Газета 1932 йилда “Қизил Норпой” номи билан лотин алифбосида чоп этилган. Ана шу биринчи сонга Султонов деган киши муҳаррирлик қилган. Илк сонининг фото нусхалари Москва шаҳри архивидан олиб келинди.

1973 йилдан “Қизил Норпой” газетаси “Пахтакор овози” номини олган.

1982 йили таҳририят янги қурилган замонавий икки қаватли бинода фаолиятини давом эттирди.

1984 йилга қадар газетага Малик Наврўзов, Холиқул Орзиқулов, Норқул Толипов, Исмоил Иброҳимов, Умар Алиқулов муҳаррирлик қилган. Шу йилдан бугунги кунгача Тошпўлат Тошмуродов бош муҳаррир лавозимида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

1992 йилда Оқтош шаҳрининг  ташкил этилганлигининг 25 ёши, Ислом шоир Назар ўғли таваллуд кунининг 120  ҳамда “Пахтакор овози” газетасининг 60 ёши катта байрам сифатида нишонланди. Туманга Тошкентдан таниқли шоир, ёзувчилар ва санъаткорлар ташриф буюриб, тантаналар кўтаринки руҳда ўтказилди. Ушбу тантаналарни ўтказилишида таҳририят жамоасининг хизмат катта.

1994 йилда газета муҳаррири ўринбосари Ризо Худойқулов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони соҳиби бўлди.

1999 йил 5 декабрда ўтказилган сайловда газета бош муҳаррири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланди. У депутат сифатида Олий Мажлисда муҳокама этилган масалалар юзасидан доимий равишда турли рукнлар остида мақолалар бериб борди.

2000 йилда газета илк бора компьютерда терилиб, саҳифаланди.

2002 йилда газетанинг етмиш йиллиги нишонланди.

2007 йилда Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди таҳририятга моддий кўмак бериб, компьютер, фотоапарат совға қилинди.

2011 йилда бош муҳаррир ўринбосари Муҳаббат Содиқова “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловида иштирок этиб, рағбатлантирувчи мукофотни олди.

2012 йилда газетанинг саксон йиллиги кенг жамоатчилик билан нишонланди.

                                                                                                                           ИЖОДИЙ ЮТУҚЛАР

2012, 2013, 2014, 2015, 2016, 2017 ва 2018 йиллари туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда 15 май- Халқаро оила куни ва 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тадбирлар ўтказилди. Тадбирларда нарпайликлар узоқ масофага югуриш марафонида, шахмат-шашка, баскетбол, футбол мусобақаларида иштирок этиш қаторида спортчиларнинг беллашувларини кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Мактаб, мактабгача таълим муассасалари томонидан эса миллий ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил этилди.

2013 йилда газетанинг масъул котиби Мақсуд Мирзаев “ Йилнинг энг фаол ва иқтидорли журналисти” вилоят  кўрик-танловининг ғолиби бўлди.

2014 йилда газета бўлим мудири Зоҳид Қувондиқов “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни қўлга киритган.

Шу йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев бошчилигидаги таниқли ёзувчи ва шоирлар таҳририятга келиб, жамоа ва ёш ижодкорлар билан учрашув ўтказди.

2015 йилда газета бўлим мудири Зоҳид Қувондиқов “Йилнинг энг фаол журналисти” вилоят кўрик-танлови ғолиби бўлган.

2015, 2016, 2017, 2018 йилларда туман ҳокимлиги ва таҳририят ҳамкорлигида буюк мутафаккир Алишер Навоий, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган адабий кечалар уюштирилди.

2015 йил февраль ойида  республика ва вилоят журналистлари ҳамда соҳа мутахассислари, тизим ҳамкорлари таҳририятга ташриф буюрди ва бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, меҳмонлар туманимизнинг муқаддас қадамжолари, хусусан, “Кўк ота”, Ислом шоир номли қабристонга боришиб зиёрат қилиш баробарида ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилдилар. 13-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам бўлишиб, ёш авлодга яратилган шароитларни кўздан кечиришди. Ўқувчилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлардан баҳраманд бўлишди. Таниқли журналист, ёзувчи ҳамда шоир Ўктам Мирзаёрнинг 60 ёши нишонланди.

2016 йил март ойида таҳририят қошида ташкил этилган “Умид ғунчалари” адабий тўгарак аъзолари иштирокида “Китобдир менинг дўстим” номли маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда тўгарак аъзолари ўз ижодларидан йиғилганларга ўқиб бериш қаторида ўзбек ва жаҳон адабиётига муносиб ҳисса қўшган шоир ҳамда ёзувчиларнинг шеър, асарларидан ўқиб эшиттирдилар. Тўгаракнинг фаол аъзоларига эсдалик совғалари берилди.

2017 йилда таҳририят ташаббуси билан “Наҳрипай садолари” шеърий тўпламлар ҳамда Дилором Дилхоҳ муаллифлигида “Таълим фидойилари” номли китоблари чоп  этилди. Шеърий тўпламда нарпайлик ижодкорларнинг ижодларини ўқиш мумкин.

2017 йилда 17-умумтаълим мактабида таҳририят ва таълим муассасаси ҳамкорлигида тарихий музей ташкил этилди.

2018 йилнинг январь, май ва август ойида таҳририят ташаббуси билан “Она юртим номингни улуғлаб куйлайман”, “Қалдирғочлар қайтганда” ҳамда “Мен истиқлол фарзандиман” номли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Тадбирда ёш ижодкорлар, спортчилар, санъат соҳасида муваффақиятларга эришаётган ўғил-қизлар иштирок этдилар. Иқтидорли бир гуруҳ ёшларга совғалар берилди.   

2018 йилда таҳририят ташаббуси билан “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ногиронлиги бор фуқаро Н. Равшановага ногиронлик аравачаси берилди. Шунингдек, муҳарририят биноси тўлиқ таъмирланиб, Ислом шиор ва Зиёдулла бахши ҳаёти ҳамда фаолиятига оид кўргазмалар ташкил этилди.

Ўтган йили таҳририят ҳисобидан 50 нафар нуроний ва кам таъминланган оилалар “Пахтакор овози” газетасига бепул обуна қилинди.

Шу йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова, Зулфия Мўминова, Зуҳробегим, Ориф Ҳожи каби эл севган ижодкорлар таҳририятда меҳмон бўлишиб, ижодий учрашувлар ўтказдилар. Бундан ташқари, шоир Ориф Тўхташ, театр ва кино актёрлари Ҳожиакбар Комилов, Умид Шодмоновлар ҳам ташриф буюрдилар.      

Нарпайлик ижодкор Яхшигул Хидированинг “Киприкдаги инжу” номли китоби тақдимоти кўтаринки руҳда ўтказилди. Унда таҳририят қошидаги “Умид ғунчалари” адабий тўгараги аъзолари фаол иштирок этдилар. Худди шунингдек, барча мактабларда тўгарак аъзолари иштирокида шеърият кечалари ўтказилди.

 

 Нарпай тумани, Оқтош шаҳри, “Фидокор” кўчаси 1-уй.  тел: (66) 432-14-38

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM