Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ТЎҒРИСИДА

 

Мазкур Конституциявий Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2002 йил 12 декабрдаги 435-II-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига навбатдаги сайлов ҳамда Қонунчилик палатасини шакллантириш якунлари асосида амалга киритилган.

 

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) мақомини белгилаш, Қонунчилик палатаси фаолиятини ташкил этишга ва унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) ҳамда бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигига доир муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Қонунчилик палатаси

Қонунчилик палатаси (қуйи палата) бир юз эллик депутатдан иборат. Қонунчилик палатасининг бир юз ўттиз беш депутати ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Қонунчилик палатасининг ўн беш депутати Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланади.

(2-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-194-сонли Қонуни таҳририда— Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 52-сон, 510-модда)

Қонунчилик палатасининг иши палата барча депутатларининг профессионал, доимий фаолият кўрсатишига асосланади.

3-модда. Қонунчилик палатаси фаолиятининг ҳуқуқий асослари

Қонунчилик палатаси фаолиятининг тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунлар билан белгиланади.

4-модда. Қонунчилик палатасига сайлов

Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш тартиби «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

5-модда. Қонунчилик палатасининг ваколат муддати

Қонунчилик палатасининг ваколат муддати — беш йил.

Ваколат муддати тугагач, Қонунчилик палатаси янги чақириқ Қонунчилик палатаси иш бошлагунга қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.

6-модда. Қонунчилик палатаси депутати

Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қонунчилик палатасининг депутати бўлиши мумкин.

Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Қонунчилик палатаси депутати