УРУШНИНГ БОЛАЛАРИ

Осмон гумбуридан титраб кетар лаб,
Гоҳо эшитилар ингроқ нолалар.
Вайрон бўлган уйда онасин излаб,
Ўқ тегиб  жон берди шўрлик болалар.

Сачраган қонми бу – адирлар алвон,
Гўёки баргини тўккан лолалар.
Очликдан ўлмай, деб сақлаш учун жон,
Бошоқли дон терди шўрлик болалар.

Гарчи жанг бўлмади фронт ортида,
Кўкдан ёғиб турди совуқ жалалар.
Меҳнат-ла топганин юклаб, орттида,
Фронтга нон берди шўрлик болалар.

Ҳаммаси турлича миллат вакили,
Бир дардни ҳис этар юрак толалар.
Мурғак гўдаклар бор – чиқмаган  тили,
Бунча азоб кўрди шўрлик болалар.

Бўлмайди боланинг сариқ, оласи,
Қиз-ўғил ажратмай ёнига олар.
Бағрига босгач, сўнг ўзбек оиласи,
Кўрмайин яшашди хўрлик болалар.

Кўрмайин яшашди хўрлик болалар. 
Мақсуд МИРЗАЕВ.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM