МАҲАЛЛАЛАР БИНОЛАРИ ЎЗГАЧА ҚИЁФАДА

Юқорида хабар қилганимиздек, маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари хашар йўли билан таъмирланиб, ўзгача қиёфа касб этмоқда.

Бугун “Истиқлол”, “Тошкўприк”, “Хўжақўрғон” ва Муқимий номли маҳаллалар биноларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирларда туман ҳокими Шерзод Раҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ваҳобжон Муродқобилов, туман прокурори Камолиддин Жавданов, ИИБ бошлиғи Улуғбек Ҳалимовлар иштирок этдилар.

“Истиқлол”, “Тошкўприк” ҳамда “Хўжақўрғон” маҳаллаларининг бинолари қайта таъмирланган бўлса, Муқимий номли маҳалла идораси  янгидан барпо этилди. Қурилиш, таъмирлаш ишлари ҳомийлар кўмаги ва халқнинг кучи билан амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Тадбирларда туман ҳокими Ш.Раҳмонов, Олий Мажлис депутати В.Муродқобилов, шу каби фаол фуқаролар сўзга чиқдилар. Замонавий бинолар тантанали равишда очилди.

Энг қувонарлиси, тадбирларда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларининг тавсияларига кўра, туман “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакилларига 20 та тикув машинаси, 390 дона шифер, 2 та пайвандлаш аппарати, 2 та мотокультиватор, 2 та пишириқ печи, 1 бош қорамол тарқатилди. 

Бу ҳали ҳаммаси эмас, Ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Ёшлар дафтари”га киритилган 199 нафар фуқаронинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баробари миқдорида, яъни 980 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули тарқатилди. Умумий ҳисобда бу 195 миллион сўмни ташкил этади.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM