Суд тизимидаги ислоҳотлар ҳуқуқий-демократик жамият яратиш асоси

Мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд тизимини ислоҳ қилишнинг янги йўналишлари белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, 2021 йилда фуқаролик, иқтисодий ва жиноий ишлар бўйича айни пайтда алоҳида фаолият юритаётган судлар битта суд сифатида бирлаштирилади. Хўш, бу фуқаролар ва юридик шахслар учун қандай қулайлик яратади?

Хабарингиз бор, судлар ўз фаолиятига кўра бир неча турга бўлингач, айрим суд ишларидаги ишлар тегишли судлар томонидан алоҳида кўриб чиқилади. Айниқса, бир ишдаги жиноят билан боғлиқ тафсилотлар бевосита тегишли суд органига жўнатилса, иқтисодий муаммолар билан боғлиқ ишлар ҳам бошқа судга жўнатилар эди. Оқибатда, ягона хулоса чиқариш — ҳукм ва суд қарори турли судларда турлича чиқарилиб, умумий хулосага келишда муаммолар юзага келаётган эди. Президентимиз таклифига биноан юқоридаги учта суд тизимининг бирлаштирилиши бу муаммоларни битта судда кўриб чиқиш ва ягона хулосага келиш учун ҳуқуқий база яратади. 

Мурожаатномада таъкидланганидек, 2021 йилдан бошлаб, суд муҳокамасига қадар суд ишларини дастлабки эшитиш амалиёти жорий этилади. Бу жараёнда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишини эски ҳолатдагидек тергов ёки прокуратурага қайтармасдан ўзининг якуний қарорини қабул қилади. Бундан ташқари, тадбиркор, инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестиция ва низолар ва рақобатга оид ишларни кўриб чиқиш бўйича махсус судлов тизими жорий этилади. Бу қулайлик инвесторларни мавжуд муаммо ва низоларни ҳал этиш юзасидан тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкинлигини англатади. 

Суд соҳасида рақамлаштириш тизими янада кенгайтирилади ва фуқароларга суд биносига келмасдан онлайн тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. 

Хамза ЯРАШОВ

Самарканд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM