МАҚСАД – ОДАМЛАРНИ РОЗИ ҚИЛИШ

Мана Янги – 2021 йилга қадам қўйдик. Ортга назар ташлайдиган бўлсак, қандай хайрли ишларни амалга оширдигу яна нималар қилишга улгурмадик, деган савол туғилиши табиий.
Бу савол ҳоким сифатида нафақат менинг, балки барча соҳа вакиллари, шу жумладан фуқароларимизнинг ҳам кўнглидан кечган бўлса ажабмас.
Туман ҳокими вазифасини бажаришга киришганимга кўп бўлгани йўқ. Лекин шу қисқа фурсатда соҳалар кесимида амалга оширилаётган ишларни ўрганиб чиқмоқдамиз. Бунда асосий мақсад қилиб фуқароларимиз билан фаол алоқани йўлга қўйишни белгилаб олдик. Аҳоли ўртасида сайёр қабуллар ўтказиб, ҳафтада икки маротаба тадбиркорларнинг муаммолари, фаолиятига тўсиқ бўлаётган нуқсонлар билан  алоҳида ишлаяпмиз.
Фуқаролар ва ишбилармонлар билан кўпроқ алоқада бўлганимиз сайин  тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашимиз мумкинлигига ишончимиз ортмоқда. Демак, кўпроқ шу йўналишни кенгайтиришимиз, янгидан иш бошлаётган фуқароларга кўмаклашишимиз лозим. Айниқса, ёшлар ва аёллар ўртасида ишбилармонликни йўлга қўйиш, кичик имкониятдан фойдаланиб, катта даромадга эришишлари учун қулайлик яратишимиз, таклиф этилаётган катта-кичик лойиҳаларини қўллаб-қувватлашимиз керак.
Ёшларнинг танлаган фаолият турлари ўрганилиб, талаб ва имкониятларидан келиб чиқиб, бир ҳафта муддат ичида тижорат банклари томонидан уларга кредитлар ажратиб, ишларини йўлга қўйиб олишлари учун кўмаклашилмоқда.
Бир ҳафтанинг ичида 20 нафар ёшларга мотороллер, 15 нафарига мотокультиваторларнинг олиб берилганлиги бунинг яққол мисолидир.  Мақсад ягона – одамларни рози қилишдан иборат.
Шуни ҳисобга олиб, қиш-баҳор мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга жиддий эътибор қаратилди. Шу мақсадда 2131 тонна картошка, 988 тонна пиёз, 1368 тонна сабзи, 380 тонна гуруч маҳсулотлари жамғарилди. 
Захира қилинган маҳсулотлар  7 та музлаткич сиғимларда ва 20 дан ортиқ омборхона биноларида сақланмокда. Ушбу маҳсулотлар аҳоли талабини инобатга олган холда 2021 йилнинг январь-май ойлари давомида ташкил қилинган савдо ярмаркаларига арзонлаштирилган нархларда савдога чиқарилиши белгиланган.
Шунингдек, ижтимоий соҳа муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ниятида ҳам захира яратилди. 
Тумандаги “Мирбозор бозори” МЧЖ  ҳамда “Оқтош Деҳқон бозори” МЧЖларида “Янги йил” савдо ярамаркаларида аҳоли учун зарур бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилинган. Ушбу ярмарка фаолиятини доимий назорат қилиб борувчи туман ишчи гуруҳ таркиби шакиллантирилган.
Белгиланган маҳсулотларни арзонлаштирилган нархларда аҳолига узлуксиз етказиб бериш  ва сотиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида туманнинг чекка ва узоқ ҳудудларига кўчма савдо ярмаркалари ташкил қилинган. 
Аҳолини электр таъминоти билан таъминлаш борасида жорий йилда 11 та янги трасформаторлар ўрнатилди. 78 та трансформатор эса мукаммал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. 
Бугунги кунда аҳолига бир меъёрда электр энергиясини етиб беришни таъминлаш бўйича жойларда фуқароларни огоҳлантирилган ҳолда маҳаллалар кесимида график асосида вақтинча чеклов ишлари ташкил қилинган. 
Олдимизда турган катта байрам – Янги йилни туманимиз аҳолиси томонидан чиройли ва кўтарингки рухда ўтишини таъминлаш борасида электр энергиясини узлуксиз  таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
  Туман бўйича  20 та маҳаланинг 6647 та хонадонлари табиий газдан фойдаланмоқда. Қолган 37 та маҳалладаги 32077 та хонадон суюлтирилган газ баллон билан таъминланган. Жорий йилда аҳолига яна қўшимча 401 та янги газ баллонлар тарқатилди. Айни пайтда туманга қўшимча баллонлар олиб келиш ишлари амалга оширилмоқда.
Газ етиб бормаган аҳоли хонадонлари хатловдан ўтказилиб, уларни ҳам газ баллон билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Худди шундай 2020-2021 йил учун тумандаги кўмир таъминот базасига келтирилган 2598 тонна маҳаллий кўмир тўлиқ аҳолига белгиланган нархларда (1 тоннаси 300 300 сўмдан) сотилди.
Хуллас, гап бажарилган ишларда эмас, келгусида қандай ишларни амалга ошириб, одамларнинг оғирини енгил қиламиз? Шу ҳақда кўпроқ бош қотириш керак. Бугундан янги режалар тузиб, халқни рози қилиш учун ишга киришмоқдамиз. Халқимиз ҳам бизга кўмакдош бўлса, бунинг уддасидан чиқамиз, албатта.

Шерзод РАҲМОНОВ,
Нарпай тумани ҳокими в.б.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM