СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ Ёхуд покликка эътибор

                        Бутун инсоният синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Ҳатти-ҳаракатимизга чекловлар билан бирга олдимизга зарур талаблар ҳам қўйилди. Яъни карантин даврида уйда қолиб, тозаликка, шахсий гигиенага риоя этиш сўраляпти. Бугунги мавзуимиз мазмуни ҳам покликка қаратилган.

                        Аслида Ислом дини поклик, меҳр-оқибат мурувватга йўғрилган. Тиббиёт тилида бу гигиена, деб юритилади.

Маълумки, мўмин киши доимо  руҳий –маънавий ва жисмоний покликка  эътибор қаратади. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қурони Каримда пок кишиларни хуш кўришлигини бир неча ўринларда марҳамат қилган. Хусусан, Тавба сураси 108-оятда шундай марҳамат қилади: “Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир”.

                      Поклик саломатликнинг муҳим омилидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида бунга  катта эътибор берилган. Имом Муслим Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик иймоннинг ярмидир”, дейдилар.                                                                          Мусо ибн Жаъфар  отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Таомдан олдин(қўлни) ювиш камбағалликни кетказади. (Таомдан) сўнг (қўлни ювиш) эса кичик гуноҳларни кетказади ва кўзни тузатади”(Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

                      Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтган  бу сўзлар покликнинг яққол намунасидир.               Бугун матбуот орқали қайта-қайта уқтирилмоқда: Қўлларингизни тез-тез совунлаб ювинг, ниқобсиз кўчага чиқманг, қоидаларга амал қилинг!

                    Азизлар,  нега энди тоза-озода, пок бўлишимизни кимдир биздан талаб қилиши керак? Ўзимизнинг саломатлигимиз учун пок юришимиз шарт, ахир. Тозалик – соғлик гарови, деб бежиз айтилмаган. Келинг, барчамиз соғлом турмуш тарзига риоя қилиб,  хаёт кечирайлик!                                                                            

          Отабек Тошбеков,

 Нарпай туман бош имом ёрдамчиси. 

 

 

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM