ЯНГИ МОСЛАМАНИНГ АФЗАЛЛИГИ БОР

              Нарпай қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида қишлоқ хўжалик ходимлари, фермер ва соҳага алоқадор ташкилот раҳбарлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

                 Учрашувда туман ҳокими Ботир Жабборов ғалла парвариши, далага маҳаллий ўғит чиқариш, минерал ўғит захирасини яратиш, сув йўлларини тозалаш, тут экиш, мевали ва манзарали дарахтлар кўчати ўтқазиш масалаларига алоҳида тўхталди.

                Шунингдек, деҳқончиликда даромад олишнинг асосий омили бўлган янги замонавий экиш сеялкалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Агрегатнинг сифати, имконияти тўғрисида йиғилиш қатнашчилари фикр алмашдилар.

                Демак, янги сеялкада нафақат чигит, балки ғалла ва бошқа бошоқли дон экинларини экиш мумкин. Яна бир афзаллик жиҳати шундаки, ушбу чигит экиш мосламаси мўлжалланган чуқурлик ёки оралиқ масофага уруғ қадайди. Пахтачиликда чигитни тежаш, шу каби аниқ мўлжалда экилган далада униб чиқган ниҳоллар ягана қилинмаслиги билан ортиқча харажатнинг олди олинади.

                  Масалан, шу пайтгача фойдаланилган сеялкада бир гектар майдонга 60-70 килограммдан чигит сарфланган бўлса, янги мосламада бу кўрсаткич 15-20 килограммни ташкил қилиши амалда исботланган. Бир вақтнинг ўзида ҳам чигит экади, ҳам ўғитлаб боради.  

                Кўпчилик фермерлар янги агрегатни харид қилиш фикрларини билдирдилар. Демак ҳадемай туманда замонавий сеялкалар кўпайишига шубҳа йўқ.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM