АХБОРОТ ХИЗМАТИ РАҲБАРЛАРИ КАТТАҚЎРҒОНГА НЕГА ЙИҒИЛДИЛАР?

 14 ноябрда Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ташаббуси билан Каттақўрғон шаҳрида “Давлат ҳокимияти ахборот хизматлари раҳбарларининг ОАВ билан ҳамкорлиги самарадорлиги” мавзусида семинар – анжуман ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари – вилоятдаги  туман ва шаҳар ҳокимликлари ахборот хизмати раҳбарлари, журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари дастлаб шаҳар ҳокимлигида бўлдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати 2019 йил 31 июлда шаҳар ҳокимининг қарори билан ташкил этилган. Хизмат  хонаси жиҳозланган, техник воситалари мавжуд.  Семинар қатнашчилари Ахборот хизмати фаолияти билан яқиндан танишишди.

Шундан сўнг, тадбир қатнашчилари ўқув – амалий семинар ишида қатнашиш учун “Cental” меҳмонхонасининг анжуманлар залига ташриф буюрдилар.

Семинарни вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бош мутахассиси Роҳила  Очилова очиб берди. Дастлаб, “Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати фаолияти тақдимоти” мавзусида ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Жамшид Носировнинг ахбороти тингланди. Сўнгра “Фаолият тўғрисидаги ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ва жойларга жойлаштириш амалиёти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Анжуманда шунингдек, “Ўзбекистон-24” радиоканали мухбири Тўлқин Сиддиқов “ОАВ билан самарали ҳамкорлик қилиш, ахборот хизматлари билан доимий ишловчи журналистлар доирасида тезкор маълумот тарқатиш” номли маърузасини иштирокчилар диққатига ҳавола этди.

Тадбирнинг иккинчи ярмида амалий машғулотлар ўтказилди. Қатнашчилар кичик гуруҳларга бўлинган таркибда турли муаммоли вазиятларда ахборот хизмати ходимларининг фаолиятлари қандай бўлмоғи кераклиги хусусида баҳслашдилар.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, ахборот хизматларининг фаолияти кўпроқ ижтимоий тармоқларда кўринмоқда.

Жумладан, Каттақўрғон шаҳар Ахборот хизмати ҳокимликнинг kattakurgon.uz расмий сайтини юритмоқда. Телеграм тармоғида “Каттақўрғон шаҳар Матбуот хизмати” канали, “Фейсбук” ижтимоий тармоғида “Kattakurgan press” номли саҳифа ва гуруҳ, инстаграм, твиттер ва youtube тармоқларида ҳам махсус каналлар фаолияти йўлга қўйилган. Ахборот хизмати томонидан ишга янгича ёндошиш ва аудиторияни кенгайтириш мақсадида “kpress.online” номли сайт яратилган бўлиб, унда ёшлар диққатини жалб қиладиган маълумотлар билан бирга расмий хабар ва янгиликлар жойлаштирилмоқда.

Ахборот хизмати “Kattakurgan today”, “Kattakurgan – live”, “Водители Каттакургана”, шунингдек, Фейсбукдаги “Каттакурган&каттакурганцы” “Kattakurgan press” каби саҳифаларни бошқарув орқали 15000 кишилик аудитория қамраб олган. Ўтган ойда “Каттакўрғон тонги” газетасида “Матбуот хизмати хабар қилади ” номли рукн ташкил этилди.

Семинар қатнашчилари ўзларининг фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Анжуманда шаҳар ҳокими ўринбосарлари Феруза Раҳимова, Азизбек Ибрагимовлар сўзга чиқдилар.

Тадбирда шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов иштирок этди.

 

 

 

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM