Ахолини рўйхатга олиш усуллари

Аҳолини рўйхатга олиш усуллари

Аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишда маълум бир усулни белгилаб олиш ҳар бир мамлакатнинг ўз имкониятларидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Барча усуллар бўйича якуний маълумотларнинг аниқлик даражаси турличалигини инобатга олсак аҳолини рўйхатга олиш тадбири учун аниқ бир усулни танлаш муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, ахборот технологиялари асри деб ном олган глобаллашув жараёнлари давлатлар имкониятларини йилдан йилга ошишига ўз таъсирини қўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5655-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси”да тадбирни ўтказиш усули асосларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Шунга кўра, мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишнинг энг қулай усулини жорий этишда аввалам бор ҳалқаро амалиётни чуқур ўрганиш ва мазкур амалиётлар натижаси бўйича тегишли хулосаларни чиқариш ҳозирги кундаги долзарб масала ҳисобланади.

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра аҳолини рўйхатга олиш бўйича асосан қуйидаги ёндашувлар мавжуд:

I. Анъанавий усул.

Анъанавий усулда, асосан респондент билан бевосита боғланиб суровнома (электрон ёки қоғоз шаклда) тўлдириш орқали амалга оширилади. Мазкур рўйхатга олиш сўровномаси йилма-йил янгиланиб борилади.

Анъанавий усулнинг афзалликлари:

- аниқ бир даврга аҳоли тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар шаклланади;

- ҳудудлар ва категориялар бўйича турли хил маълумотлар шаклланади.

Анъанавий усулнинг камчиликлари:

- иш ҳажмининг кўплиги;

- харажатлар миқдори кўплиги;

- кўп ишчи кучи талаб этилиши;

- юқори малакали рўйхатга олувчилар талаб этилиши.

БМТ Статистика комиссияси маълумотларига кўра, 2010 йил аҳолини рўйхатга олиш даврида Африка ва Лотин Америкаси минтақасида (100% давлатлар) тўлиқ, Осиё (84%), Шимолий Америка (67%), Европа (50%) минтақаларида кўпгина давлатлар анъанавий усулдан фойдаланган.

Ўз ўрнида, 2020 йил аҳолини рўйхатга олиш даврида Лотин Америкаси минтақаси давлатларининг 80%и, Африканинг 61%и, Осиёнинг 54%и, Шимолий Американинг 33%и, Европанинг 24%и анъанавий усулдан фойдаланиши режалаштирилмоқда.

 

II. Идоравий маълумотлардан фойдаланиш усули.

Идоравий (аҳоли регистри) маълумотлардан фойдаланиш усули турли идораларда мавжуд бўлган электрон маълумотлар базасидан  фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Идоравий маълумотлардан фойдаланиш усулдаги афзалликлар:

- харажатлар кам бўлади;

- аҳолини рўйхатга олиш даврийлигини ўзгартириш имконияти мавжуд (ҳар 10 йилда шарт эмас, исталган муддатда).

Идоравий маълумотлардан фойдаланиш усулидаги камчиликлар:

- узоқ муддат талаб этади;

- идоравий (аҳоли регистри) маълумотлар таркиби турличалиги сабали давлатлараро солиштиришда қийинчликларга дуч келинади;

- қонунчиликдаги ўзгаришлар идоравий маълумотлар ўзгаришига сабаб бўлади.

Мазкур усулдан 2010 йил аҳолини рўйхатга олиш даврида Шимолий Америка минтақасидан 33 % давлатлар ва Европа минтақасидан 23 % давлатлар фойдаланган. Ҳусусан, Голландия, Исландия, Жанубий Корея, Норвегия, Швеция, Словения, Дания ва Финландия давлатлари шулар жумласидан.

Ўз ўрнида, 2020 йил аҳолини рўйхатга олиш даврида Шимолий Американинг 33 %, Европанинг 32 %, Лотин Америкасининг 5 %, Африка ва Осиёнинг 4 % давлатлари идоравий маълумотлардан фойдаланиш усулидан фойдаланиши режалаштирилмоқда.

 

III. Аралаш усул.

Аралаш усулда бир вақтнинг ўзида анъанавий ва идоравий маълумотлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Аралаш усулдаги афзалликлар:

- анъанавий усулга нисбатан респондентлар учун юкламанинг камлиги;

- идоравий (аҳоли регистри) маълумотлардаги камчиликларни суровнома тўлдириш орқали олинган маълумотлар билан тўлдирилади;

- идоравий (аҳоли регистри) маълумотларга нисбатан кўрсаткичларнинг аниқлик даражаси юқори;

- аҳоли регистри маълумотлари мазкур давлатда бўлиши шарт;

- бошқа идоравий маълумотлар (солиқ, ижтимоий, ишсизлик
ва бошқа) базаси бўлиши талаб этилади.

Аралаш усулдаги камчиликлар:

- анъанавий усулга нисбатан тайёргарлик кўриш жараёни узоқ вақт талаб этади;

- идоравий (аҳоли регистри) маълумотлар билан сўровнома натижаси бўйича шакллантирилган маълумотлар орасида фарқлар келиб чиқиши натижасида маълумотларни қайта кўриб чиқиш талаб этилади.

Мазкур усулдан 2010 йил аҳолини рўйхатга олиш даврида Европа минтақасидан 27 % давлатлар ва Осиё минтақасидан 16 % давлатлар фойдаланган. Ҳусусан, Латвия, Испания, Швецария, Истония, Литва, Германия, Полша, Израил, Туркия, Лихтенштейн, Сингапур, Италия, Чехия, Монако давлатлари шулар жумласидан.

Ўз ўрнида, 2020 йил аҳолини рўйхатга олиш даврида Шимолий Американинг 33 %, Осиёнинг 27 % ва Европанинг 26 % давлатлари идоравий маълумотлардан фойдаланиш усулидан фойдаланиши режалаштирилмоқда.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM