Аҳолини рўйхатга олиш тартиби

Аҳолини рўйхатга олиш нимага керак?

Мамлакатизда охирги марта 1989 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган бўлиб мустақиллик йилларида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмади. Бу эса ўз навбатида кўп миллатли мамлакатимиз аҳолиси демографияси ва миграциясидаги ўзгаришлар, аҳоли сони, ёши, жинси, таркиби, ҳудудлардаги аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик маълумотларни қўллашда чекловларни келтириб чиқармоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015 йилдаги Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишга тааллуқли халқаро ва ҳудудий тавсияларни инобатга олган ҳолда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни «Аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар»ига таяниб 2019 йилнинг 5 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5655-сонли Фармони қабул қилинди. Унгу кўра мамлакатимизда 2022 йилда “Аҳолини рўйхатга олиш” тадбири ўтказилади. Фармонга кўра Давлат статистика қўмитаси аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли органи ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу Фармонда рўйхатга олиш илғор хорижий тажриба, замонавий технология ва услублардан фойдаланган ҳолда ташкил этиш, аҳоли сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш мақсадида аҳолини рўйхатга олиш лозимлиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Аҳолини рўйхатга олиш ишлари натижасида шакллантирилган маълумотлар аҳоли ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги давлатнинг узоқ ва қисқа муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яхлит ва ҳар-бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича аниқ бир вақтда яшовчи шахсларнинг турли тавсифлари тўғрисида халқаро таққос имконини берадиган, ишончли, холис ва яхлит маълумотларни ягона статистик услублар асосида йиғиш аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барча аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олиб, аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади ва келгусида ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади, ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотларни олиш имконини беради. У аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш, шунингдек, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлашнинг универсал усулини ишга солган ҳолда расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди.

Бошқача қилиб айтганда аҳолини рўйхатга олиш ва нафақат статистик мақсадлар учун балки мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ҳолатини башорат қилиш воситаси ҳам бўлиб хизмат қилади.

Ш.Дуланов  

Нарпай туман  статистика бўлими бошлиғи

2015-2019 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM