Аҳолини рўйхатга олишда хорижий давлатлар тажрибаси

Маълумки, давлатлар миллий статистикасининг асосини аҳолини рўйхатга олиш натижасида олинган маълумотлар ташкил этади.

Анъанавий, кенг қамровли аҳолини рўйхатга олиш усули демографик ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича аҳолининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ва аниқ манбасидир.

Ҳозирги кунда, дунёнинг ривожланган давлатлари кўп йиллик тажрибалар натижасидан келиб чиқиб, рўйхатга олиш ишлари рўйхатга олиш учун қилинган харажатлардан кўра кўпроқ фойда келтиришига қатъий ишонч ҳосил қилган.

Бундан ташқари рўйхатга олиш жамият ҳаётининг ўзига хос рағбати бўлиб, умумий ресурсларни оқилона (адолатли) тақсимлаш
ва фойдаланиш имконини беради.

Дунёнинг деярли барча мамлакатларида рўйхатга олиш натижасида олинадиган барча маълумотлардан фақат статистика мақсадларида фойдаланиш ва мутлақо махфий сақланишини таъминлайдиган статистика тўғрисидаги қонуни мавжуд. Ушбу қонун билан олинган ҳар бир алоҳида инсон тўғрисидаги маълумотлар қандайдир ташкилот ёки жисмоний шахсга берилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Барча давлатлардаги рўйхатга олиш анкеталари жуда ўхшашдир. Давлатнинг ижтимоий дастурини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланганлар, етимлар, уйсизлар, жиноятчиликни камайтириш, бандликни оширишни қўллаб-қувватлаш учун анкетага аҳолининг жисмоний ва ижтимоий саломатлиги, меҳнат шароити, иш жойигача етиб олиш усуллари ва вақти тўғрисида саволлар қўшилади.

Шу билан бирга ҳар бир давлатда жамиятнинг миллий ўзига хослиги
ва анъаналарини ҳисобга олган ҳолда аҳоли билан ишлаш методлари
ва рўйхатга олишга тайёрланиш механизмларидан фойдаланади.

Рўйхатга олиш ўтказиладиган барча жойларда аҳоли билан жиддий равишда асосий мақсади рўйхатга олишнинг аҳамияти ва керакли нарсалигини кўрсатиш ва ишонтиришдан иборат бўлган кўп қамровли ишлар олиб боришга тўғри келади.

Амалиётда аҳолини рўйхатга олишнинг бир қанча усуллари мавжуд бўлиб, АҚШ (2010 йил) ва Европа давлатлари (2011 йил) томонидан қуйидаги усуллар қўлланган.

Жумладан, Болгария, Буюк Британия, Венгрия, Греция, Ирландия, Италия, Литва, Польша, Португалия, Руминия, Чехия, Эстония каби давлатларда рўйхатга олишни ўтказишнинг одатдаги усули қўлланган.

Австрия, Дания, Норвегия, Финляндия ҳамда Швецияда регистр маълумотлари асосида рўйхатга олишни ўтказиш усули қўлланган.

Бельгия, Испания, Латвия, Люксембург, Словения давлатларида одатдаги рўйхатга олиш усули билан биргаликда регистр маълумотлари асосида рўйхатга олишни ўтказиш усули қўлланган.

Германия ва Нидерландия давлатларида регистр маълумотлари асосида рўйхатга олишни ўтказиш усули билан бирга танлама кузатиш усули ҳам қўлланган.

АҚШда узундан узоқ рўйхатга олиш сўровномаси ўрнини босадиган доимий танлама кузатувлар билан биргаликда қисқа сўровномали одатдаги рўйхатга олиш ўтказилган.

Францияда эса узлуксиз рўйхатга олиш усулидан фойдаланилган.

Қуйида айрим давлатлар мисолида аҳолини рўйхатга олиш тадбири жараёнларини кўриб чиқамиз.

Америка қўшма штатларида биринчи рўйхатга олиш 1790 йилда амалга оширилган бўлиб, ҳар 10 йилда мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. 2010 йилда  АҚШнинг тарихида 23 – марта рўйхатга олиш ўтказилган.

АҚШнинг аҳолини рўйхатга олишдан кўзлаган асосий мақсади ҳар бир штатдаги аҳоли сонини билиш ва Америка конгрессида вакилларга Палатадан пропорционал ўрин ажратиш, ҳар бир ҳудуд учун соғлиқни сақлаш тизими ва таълим дастурини молиялаштиришни кафолатлаш. Тадқиқотга рўйхатга олиш вақтида АҚШда истиқомат қилаётганларнинг ҳаммаси тушади. АҚШнинг қонуний фуқаролари иш юзасидан ёки бошқа сабабларга кўра мамлакатдан ташқарида юрган бўлса, давлат хизматчиларидан ташқариси рўйхатга тушмай қолиши мумкин.

Рўйхатга олиш жараёни дастлаб манзилни текширишдан бошланади. Аҳолини рўйхатга олиш дастури ходимлари ҳар бир уйни айланиб чиқиб, манзилни текширади. Улар томонидан маълумотни янгилаш электрон воситалар (портатив компьютер) ёрдамида амалга оширилади. АҚШда аҳолини рўйхатга олиш учун шакллантирилган рўйхат энг тўлиқ рўйхат ҳисобланади ва миллий қутқарув хизмати, почта хизмати ва глобал навигация тизими (GPS) технологиясида фойдаланилади. АҚШда аҳолини рўйхатга олишда иштирок этиш мажбурий ва АҚШ кодексининг 13-бўлимига мос келади. Анкета турли тилларда (испан, хитой, корейс, въетнам ва рус), тўлдириш бўйича йўриқнома эса 59 тилда тайёрланади.

2010 йилда тарихдаги энг қисқа анкетадан фойдаланилган. Унда бор йўғи 10 дона содда саволлар мавжуд бўлиб, 10 дақиқа мобайнида тўлдириш мумкин бўлган. Лекин деярли 30 фоиз оилалар анкеталарни аҳолини рўйхатга олиш бюросига қайтариб юбормаган. Бюро ходимлари манзил бўйича юборилиб суҳбат ўтказишга тўғри келган.

АҚШда 2010 йилда аҳолини рўйхатга олиш бўйича вақтинчалик лавозимга 600 мингдан кўпроқ ходим жалб қилинган. Аҳолини рўйхатга олишдан бош тортганлик учун жарима миқдори 100 долларни, ёлғон маълумот тақдим этганлиги учун 500 доллар миқдорида жарима белгиланган.

Аҳолини рўйхатга олиш учун сарфланган харажатлар жон бошига 47 доллардан тўғри келган.

Бразилияда 2010 йилда 12 - аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилган. Тайёргарлик ишлари 2007 йилда бошланган. Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун мамлакат қонунчилигида алоҳида кўрсатилмайди. Аҳолини рўйхатга олиш ва уни ташкиллаштириш ишлари 1879 йилда ташкил топган Бразилия картография ва статистика институтининг Низомига мувофиқ юклатилган. Институтнинг Низомига киритилган энг сўнгги ўзгартиришлар бўйича, аҳолини рўйхатга олиш даврида қатъий равишда БМТнинг 1993 йилги статистика бўйича тавсияларига мувофиқ ҳаракат қилиш белгилаб қўйилган.

Юқори даражадаги қашшоқлик ва тенгсизликка эга бўлган Бразилия ноанъанавий тарзда аҳолини рўйхатга олишни амалга оширган. Ҳукумат биринчи марта электрон аҳолини рўйхатга олишни тўлиқ амалга оширди. Улар бунга рақамли технологияларни синовдан ўтказа олмаган ва эскириб қолган усул - қоғозда рўйхатга олиш жараёнига қайтишга мажбур бўлган АҚШ каби ривожланган мамлакатларга нисбатан тезроқ эришишди. Бразилиядаги аҳолини рўйхатга олиш тадбири - кам ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда ўз ички муаммоларини ҳал қилишда технологияларнинг қандай қўлланилаётганига яна бир мисолдир.

Тадқиқотни олиб борган Бразилия география ва статистика институти ўзида мавжуд технологияни қўллаб-қувватлади. Улар 150 мингта LG 750 GM смартфонларига буюртма бердилар. Интервъюерлар уларни сўровномага жавоблар тўплаш ва ундан сўнг маълумотларни мавжуд 7000 та  маълумотлар йиғиш ва ишлов бериш марказларидан бирига GPS орқали узатиш учун ишлатишди.

Электрон рақамли рўйхатга олиш усули аниқликни таъминлайди, вақтни тежайди, манзилни аниқлашда ёрдам беради.

Бразилия география ва статистика институтининг маълум қилишича анъанавий қоғоз усулида 5 фоизгача хатоликка йўл қўйилган бўлса, рақамли рўйхатга олишда 0,5 фоизгача хатоликка йўл қўйилади.

Бразилия география ва статистика институтининг маълумотларига кўра Бразилия аҳолиси 191,0 млн. кишидан иборат ва аҳоли сони бўйича дунёда
5 ўринни эгаллайди.

Украинада аҳолини рўйхатга олишга тайёрлаш ва ушбу тадбирни ўтказишнинг ҳуқуқий, методологик ва ташкилий жиҳатлари “Украинанинг бутун аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида” қонунига мувофиқ амалга оширилади. Аҳолини рўйхатга олиш натижасида олинган маълумотлар қонун билан ҳимояланган махфий ахборотдир. Аҳолини рўйхатга олишда мамлакат ичи ва ташқарисидаги фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, хорижликлар рўйхатга олинди. 4-дан 5-декабргача бўлган 0 соат ичида қаерда бўлишидан қатъий назар (уйида, ишхонасида, вақтинчалик яшаш жойида, кўчада ва ҳ.) рўйхатга олинган.

Чехия Республикасида аҳолини рўйхатга олишни тартибга солувчи қонун 1995 йилда қабул қилинган. Охирги рўйхатга олиш 2001 йилда амалга оширилган ва ушбу тадбир 1 ой давом этган. Cўровнома анкетаси 3 қисмдан иборат бўлиб, 1 - қисмда шахсий маълумотлар (фамилияси, ёши, миллати... ва ҳ.), 2 - қисм уй-жойдан фойдаланувчилар учун саволлар (уйнинг техник ҳолати, жойлшган жойи, жиҳозлари ва ҳ.), 3 – қисм уй-жой эгалари учун (хоналар сони, мебеллар ҳолати ва ҳ. ) саволлардан тузилган. Чет эллик фуқаролар 5 та саволдан иборат анкета тўлдиришган. Анкета тўлдиришдан бўйин товлашга 10 минг крон, хато маълумот берганлик учун 10 минг крон, маълумотларни ошкор қилганлиги учун 200 минг крон жарима белгиланган.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, аҳолини рўйхатга олиш тадбирини Қўшма штатлар ва Буюк Британия ҳар 10 йилда бир марта, Франция ва Швецияда ҳар 5 йилда бир марта, Австрияда ҳар 3-4 йилда бир марта ўтказилади.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбиридан олинган маълумотларнинг тўлиқ ва сифатлилигини таъминлаш мақсадида мамлакатларда турлича усуллардан фойдаланилади.

Россия Федерациясида қонунга мувофиқ аҳолини рўйхатга олишда қатнашиш инсон ва фуқароларнинг ижтимоий бурчидир. Аҳолини рўйхатга олишдан қочган фуқароларга ҳеч қандай санкция қўлланилмайди.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбири “Ҳаммаси Россия учун муҳим” шиори остида ўтказилади. Россия қонунчилигининг ҳисоблашича аҳолига ишонч билдириш ҳаққоний маълумотлар олиш имкониятини яратади.

АҚШ, Англия ва Чехия Республикасида қонунга мувофиқ, аҳолини рўйхатга олиш тартибини бузиш (бош тортиш, ёлғон маълумот бериш) катта миқдорда жаримага тортилади.

Хитой Халқ Республикасида нотўғри маълумот берганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Туркияда аҳолини рўйхатга олиш кунида мамлакатнинг барча фуқаролари рўйхатга олувчи келгунига қадар уйдан чиқишлари тақиқланади.

Боливияда рўйхатга олиш кунида поездлар, жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилади. Аҳолига уйини тарк этиш тақиқланади.

Аргентина ва Чилида рўйхатга олиш кунида барча кўнгилочар масканлар, дўконлар, ресторанлар ва хизмат кўрсатиш муассасалари ёпилиши қонун билан белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир фуқаро тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлиш ва давлат бошқарувида ушбу маълумотлардан самарали фойдаланиш мамлакат равнақи йўлида муҳим ўрин тутади.

2015-2021 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM