ИЧКИЛИК ОҚИБАТИДА СОДИР ЭТИЛГАН ЖИНОЯТ

27 ноябрь куни туманимизда мудҳиш жиноят содир этилганлиги ҳақидаги хабарлар тез тарқалди. Ичкилик оқибатида “Оқ олтин” маҳалласида яшовчи эркак ўз таниши бўлган аёлни қасддан ўлдирган. “Мумтоз” базмгоҳи олдида содир этилган ушбу жиноят юзасидан туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

         Бугун туман сектор раҳбарлари, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари “Тошкўприк” маҳалласида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида маҳалла аҳли билан йиғилиш ўтказди.

         -Ичкиликбозлик ҳар қандай жиноятнинг дояси ҳисобланади, – деди туман ҳокими Шерзод Раҳмонов. – Жиноят сабаблари аниқланмоқда. Айбдор жазосини олади. Бироқ, ўта оғир жиноятга қўл уриб, бировнинг фарзандларини етим қолдирган бу кимса яқинлари, маҳалла-кўй, бутун туманга иснод келтирмадими? 

       Шундан сўнг туман прокурори Камолиддин Жавданов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Ҳалимовлар жиноят юзасидан кўрилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди. 
       - Бугун ёш болакайлар дўкондан отасига спиртли ичимлик элтаётган ҳолатни кузатиш мумкин. Эртага бу бола қандай вояга етади? “Қуш уясида кўрганини қилмайдими?” – деди “Хўжақўрғон” жоме масжиди имом-хатиби Музроб Элмуродов.  – Ўта оғир гуноҳга қўл урган бу инсон ҳам ичкилик туфайли бир ожизанинг қотилига айланди. Шундай экан, барчамиз кўзимизни каттароқ очайлик, жиноятчиликнинг олдини олиш бутун инсониятнинг бурчи эканлигигини унутмайлик. Огоҳ бўлинг одамлар, огоҳ бўлинг!..
Дарҳақиқат, огоҳлик ҳар қандай мудҳиш ҳодисанинг олдини олади.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM