ЁЛҒОН ХАБАР УЧУН ҚОНУНИЙ ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНГАН

#МУНОСАБАТ

Жорий йилнинг 30 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.

 

Мазкур фармон ижросини таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда уларни оммавий спортга жалб этиш мақсадида 2020 йилнинг 22 ноябрь, якшанба куни Нарпай туманида "Саломатлик учун беш минг қадам" шиори остида пиёда юриш марафони ўтказилди.

 

Марафонда туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бўлими, тиббиёт бирлашмаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар ходимлари, маҳаллалар фуқаролари иштирок этишди.

 

Афсуски, бугунги кунда ахборот тезлиги қанча ривожланаётган бўлса, бир пайтнинг ўзида бўлаётган ҳодисларга оид турли ёндашувлар пайдо бўлмоқда. Хусусан, Нарпай туманида ўтказилган марафон ҳам тирноқ ичидан кир қидирадиган айрим ижтимоий тармоқдаги телеграм каналлари учун яхшигина “гўшт”га айланди.

 

Амалга оширилаётган ишлар, ўтказилаётган тадбирларни ўзининг қаричи билан ўлчайдиган баъзи телеграм каналлари ўзига “подписчик” йиғиш учун бир томонлама фикр юритган ҳолда нохолис ахборот тарқатмоқда.

 

Хусусан, 22 ноябр, якшанба куни бўлиб ўтган оммавий марафондан сўнг айрим телеграм каналларда “Ҳокимлар ўзгараверади аммо уларнинг "ОДAТ"лари ўзгармайди” сарлавҳа остида ҳеч қандай асосларга эга бўлмаган нотўғри ахборот тарқатилди. Ушбу хабарларда "Нарпай тумани янги ҳокими кела солиб оламшумул янгилик қилмоқчи бўлган кўринади. Карантин қоидалари ва ижтимоий масофага тупурган ҳолда марафон уюштиришибди, туманда тайинли муаммо ҳам йўқ ҳамма соҳалар гуркираб кетганда тўғрими ҳоким бува? Марафонга кетган пулга бирор тумандаги қийин аҳволдаги оилага кўмир олиб бериш ҳам мумкин эди. Ҳоким бово ҳамма қилган ишни қилиб назарга тушилмайди, раҳбарда озгина креативлик бўлиши керак! Тугади...” деган мазмунда фикр қолдирилган.

 

Аввало шуни айтмоқчимизки, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгарлик кўрсатиб ўтилган. Унда оммавий ахборот воситалари эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шарт ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар деб белгилаб қўйилган.

 

Афсуски, телеграм каналларида тарқалган хабарларнинг ҳеч бирида асос йўқ. Хусусан, тадбирга Оқтош шаҳрининг турли соҳада фаолият юритаётган фаол фуқаролари таклиф этилган. Қолган иштирокчилар ўзларининг ихтиёри билан марафонга қўшилишган. Ҳеч ким тадбирга мажбурлаб келтирилмаган. Одамларнинг аксарияти ниқобда бўлган бўлиб, айримлари ниқобини олиб расмга тушишган.

 

Қолаверса, шуни айтиб ўтмоқчимизки, сўз эркинлиги дегани бу билган нарсасини ёзиш ёки оғзига келган гапни айтиш керак дегани эмас. Афсуски, айрим телеграм каналларнинг муаллифлари ахборот тарқатишда Жиноят Кодексининг 140-моддасида белгилаб қўйилган ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш белгилаб қўйилганлигини унутган кўринади. Ваҳолангки, ушбу қонунларни билганда канал муаллифлари “Карантин қоидалари ва ижтимоий масофага тупурган ҳолда марафон уюштиришибди” деган ҳақоратомуз гапларни айтмас эди.

 

Шунингдек, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 7-моддасида ахборотдан ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги ва унинг ҳаққонийлиги белгилаб қўйилган. Айнан ўша моддада ахборот ҳаққоний бўлиши, ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган. Оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши айтиб ўтилган.

 

Бироқ, Нарпай туманида ўтказилган марафон борасида “Марафонга кетган пулга бирор тумандаги қийин аҳволдаги оилага кўмир олиб бериш ҳам мумкин эди", дея асосланмаган маълумотни тарқатган. Ваҳолангки, марафонни ўтказиш учун туман ҳокимлиги ёки бошқа бирор бир ташкилот томонидан ҳеч қандай пул сарфланмаган.

 

Жаҳонда COVID-19 коронавирус пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканлигини кўрсатди. COVID-19 коронавирус инфекцияси аввало юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик (ортиқча вазн) касаллигига чалинган фуқароларимизнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатди. Натижада, бугунги пандемия орамиздан кўплаб фуқароларимизни бевақт дунёдан кўз юмишига сабаб бўлди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

 

Хўш, айтингчи? Президентимизнинг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишларни нотўғри талқин қилиб, ҳеч қандай асосга эга бўлмаган ҳолда аҳолига нотўғри ахборот тарқатаётган айрим телеграм каналларнинг кўзлаган мақсади нима? Нохолис ахборот бериб шахсни обрўсизлантиришми ёки...

 

Хулоса чиқариш ўзингиздан.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM