Ўзини ҳурмат қилмайдиган ташкилот мурожаатга беписанд қарайди

 

Давлат дастурининг 9 ойлик ижроси Парламент қуйи палатасида муҳокама этилганда, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бошқаруви раиси ўринбосари куз-қиш мавсумига тайёр эканликлари ҳақида ишонч билан фикр билдирган эди. Аммо округларга чиққанимизда сайловчилар электр таъминоти масаласида кўплаб муаммоларни кўтарди.

Шунга асосан "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бошқаруви раисига бир нечта маҳаллада трансформаторлар етишмаётгани ҳақида мурожаат хати билан чиққан эдик. Ушбу ташкилотдан келган жавоб хати кишини таажжублантиради. Сўровдаги аниқ масала бир четда қолиб, унга бевосита алоқаси йўқ маълумотлар жўнатилган. Бундан кўринадики, мазкур ташкилот раҳбарияти жойларда аҳоли электр таъминоти бўйича дуч келаётган муаммолардан яхши хабардор эмас. Номига ёзилган жавоб хатига қараганда, ўрганишни ҳам хушламайди, шекилли. "Биз тайёрмиз", деб баландпарвоз ҳисоботлар бериш билан муаммолар ҳал бўлиб қолганда, ҳаёт ҳозир умуман бошқача бўларди.

Депутат мурожаати ортида минглаб инсонларнинг манфаати туради. Аммо айрим мутасаддилар ҳали ҳамон бу муҳим масалага беписанд қарамоқда. Президентимизнинг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида бу масалага алоҳида эътибор қаратган, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни чуқур ўрганиш, ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берган эди.

Аммо айрим ташкилотлар мутасаддилари бу ҳақдаги танқидий фикрлардан ўзларига хулоса чиқармаган, халқимиз олдида ҳисобдор эканини тўғри англамаган кўринади. Муаммога юзаки ёндашиш, мурожаатга номигагина жавоб ёзиш билан ҳурмат топиб, одамларни рози қилиб бўлмайди.

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM