УЯЛИ ТЕЛЕФОН ОДОБЛАРИ

Бугунги кунда  ҳаётимиз учун зарур бўлган воситалардан бири телефон яъни уяли алоқа воситасидир.

Ажнабий тилидан олинган “телефон” сўзи овозни узоқ масофага узатиш  маъносини билдиради. Авваллари бу мақсадга мўлжалланган асбоблар бўлмаган. Кейинчалик илмнинг ривожланиши натижасида овоз узатиш асбоблари ихтиро қилинди ва улар такомиллашиб, мисли кўрилмаган тараққиётга эришилди. Ҳозирга келиб телефон  мосламалари овозни узоқ масофага узатиш билан бирга сурат, видеотасвирга тушириш, уларни бошқаларга юбориш, овоз ёзиш, қисқа мактублар (СМС) юбориш, интернетга кириш ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш каби бир қанча ишларни амалга ошириш воситасига айланиб қолди.

Фойдали нарсаларнинг ўзига яраша зиёни бўлганидек, уяли алоқа воситасининг ҳам фойдали ва зарарли тарафлари бор. Агар уни манфаат йўлида ишлатиб, зарарли тарафидан сақланилмаса, неъматга нисбатан ношукрлик бўлади.

Динимиз таълимотлари бўйича, барча амаллар ниятга қараб баҳоланади. Шунинг учун телефон сотиб олишда уни яхшиликларга, дунё ва охират учун манфаатли нарсаларга ишлатиш ниятини қилиш керак.

Уяли алоқа жиҳозини ўз эҳтиёжига ярашасини олиши кераек киши. Чунки эҳтёждан ташқари нарсага мол-пул сарф қилиш исрофдир.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида шундай марҳамат қилади:

“Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас” (31- оят).

Уяли алоқа воситаси ойнасига Аллоҳ лафзини ва Қуоъони карим оятларини қўймаслик лозимдир.

     Чунки муққаддас лафзлар ойнада очиқ турган ҳолда телефонни бетаҳорат ушлаш, у билан нолойиқ жойларга кириш жоиз саналмайди.

Қўнғироқ товушларига Қуръон ояти, азон ёки Аллоҳнинг зикрларини қўйиш мумкин эмас.

Қуръон мусиқа ёки қўнғироқ ўрнида ишлатилиши учун нозил қилинмаган. Азон эса Исломнинг шиор-нишонларидандир. У мусулмонларни ибодатга чорлаш учун жорий қилинган ибодатдир. Шу каби, бошқа зикрларни ҳам қўнғироқ ўрнида ишлатиб бўлмайди.

Уяли алоқа воситасига Исломда тинглаш ёки томоша қилиш ман қилинган нарсаларни жойлаштириш ҳаромдир.

Агар бундай нарсаларни жиҳозни ишлаб чиқарувчи  корхона-ташкилот киритиб қўйган бўлса, уларни дарҳол ўчириб ташлаш керак. Чунки , ўша тараф шу усул билан ҳам одамларни бузишга, улар орасида бузуқликни ёки фитналарни тарқатишга ҳаракат қилади.

Бировга тегишли телефонни эгасининг рухсатисиз олиш, ундан кимгадир қўнғироқ қилиш, ичидаги нарсаларни очиб кўриш ўзгаларнинг сирларига, яширилиши лозим бўлган нарсаларига тажовуз қилишдир. Бу албатта, катта хиёнат.

Уяли алоқа воситаси ёрдамида рухсатсиз бировни суратга олиш ёки овозини ёзиш жосуслик, хиёнатдир. Агар ўша нарса бошқаларга ҳам  тарқатилса, бундан-да улкан хиёнат, гуноҳи азим бўлади.

Болаларга уяли алоқа воситасини олиб беришга шошилмаслик, олиб берганда ҳам, фақат зарурат юзасидан ишлатилишини йўлга қўйиш лозим. 

Шунингдек, болаларнинг жиҳозларини назорат қилиб, ичидагиларни тез-тез текшириб туриш шарт.

И.ИСАЕВ,

 Нарпай туман “Оқ масжид” жоме масжиди имом хатиби.  

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM